ҚЎЗИҚОРИН ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР ВА УНИНГ ФОЙДА ҲАМДА ЗАРАРЛАРИ
Қадим замонлардан буён одамлар овқатланиш ҳамда касалликларни даволаш мақсадида қўзиқориндан фойдаланиб келишган. Лекин қўзиқориннинг фойдаси ва зарарли хусусиятларини ўрганиш ишлари ХХ асрга келиб бошланган. Дунёда қўзиқоринларнинг 100 мингдан ортиқ тури мавжуд. Ўзбекистонда қўзиқориннинг 100 дан ортиқ тури ўсади. Шундан атиги 25 туригина истеъмолга яроқли, яъни заҳарсиз ҳисобланади.
Қўзиқорин қуритилган, қайнатилган, қовурилган, тузланган, маринадланган кўринишда истеъмол қилинади. Ўрмон ҳудудларида яшайдиган мамлакатларда қўзиқоринни ҳатто хомлигича истеъмол қилиш усулларини ўрганиб олишган.
Антибиотик сифатида ишлатиладиган пенициллин дориси қўзиқориндан олинган. Бугун ҳам бу ўсимлик экстракти фармацевтикада кенг қўлланилади.
Ўзида гелвелат кислотаси мавжуд замбуруғлар, жумладан, вешанка ва шампиньон кабиларни олдин сувда қайнатиб, сўнг бемалол турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин. Маданий шароитда етиштирилган қўзиқоринлар санитария-эпидемология хизмати лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, зарарсиз деб топилгандан кейингина сотувга чиқарилади. Одамлар ўзи билар-билмас териб олган қўзиқоринларни овқатга ишлатишдан эҳтиёт бўлиши керак.
Қўзиқоринларнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Мисол учун, бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Улардаги лецетин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади.