ссиқхона қуриш учун жой текис, горизонтал, енгил таркибга эга бўлган тупроқли бўлиши лозим. Чунки бироз нотекис бўлса тез-тез суғорилганда пастлик жойда сув тўпланади ва кўчатларни намиқиб қолишга олиб келади. Иссиқхоналарда шамолга қарши мосламалар зарур бўлади, чунки полиэтилен плёнкаларнинг шамолга қарши чидамлилиги паст. Иссиқхоналарни қуриш олдидан тупроқнинг юқори қатлами олиб ташланиб, текисланади. Иссиқхонага олиб келтирилган тупроқ ишлатилиши сабабли тупроқ қатлами ағдарилмайди.
Иссиқхоналар майдонининг ўлчамини ҳисоблашда экиладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олинади.
Масалан: 1 га майдонда 6-7 млн дона, Қрим қарағай кўчати ўстириш мумкинлигини ҳисобга олиб иссиқхонанинг кўчат чиқарадиган майдони аниқланади. Кўчат чиқарадиган майдонни 1,3 коэффициентга кўпайтирилиб иссиқхонанинг умумий майдони ҳисоблаб чиқарилади. Чунки 30% иссиқхона майдони пушталараро майдонлар ва иш юритиш учун бошқа майдончаларни ташкил қилади. Икки йил ўстириладиган қарағай уруғкўчати учун кўчатзор майдони ҳам 2 баравар оширилади. Биринчисида бир йиллик кўчатлар, иккинчисида икки йиллик уруғкўчатлар етиштирилади.
Иссиқхоналарда иш очиқ майдончаларда ўтқазиладиган ишлардан кўра эртароқ бошланади. Шунинг учун кузда дастлабки тайёрлов ишлари бажарилади. Эрта баҳорда иссиқхоналар плёнка билан қопланиб субстратлари киритилади. Субстрат ўстириладиган навга қараб танланади. Масалан, игнабарглилар учун бироз чириган торф энг фойдали озуқа ҳисобланади. У зичланмайди, ағдаришга талаб бўлмайди. Унда ўтлар уруғлари деярли йўқ, антисептик хусусиятга эга бўлиб, замбуруғли касалликлар инфекцияси йўқ бўлади. Эрта баҳорда уни оҳак фосфорли, калийли озуқа билан аралаштирилади.
Озуқалар қабул қилинган дозалар бўйича берилади, кейин субстратлар иссиқхонага олиб кирилиб 15-17 см қатламда ёйиб ташланади.