Кўчат экиш учун майдонни тайёрлаш
Кўчат экиш учун танланган майдон кузда 50–60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак.
Пакана (карлик) М-9 пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5 х 2,5 м оралиқда экилса 1 гектарда 1142 туп, 3,5 х 3 м оралиқда экилганда эса 952 туп ниҳол жойлаштириш мумкин.
Ярим пакана ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатлардан олма 6 х 4 м оралиқда экилса 1 гектарда 416 туп, 6 х 5 м оралиқда экилса 333 туп бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган пакана(карлик) М-9 пайвантагда ўстириладаиган олма навларидан – Голд Спур, Джонаред, Кинг Девид,Жеромин, Ред Делишес, Старк Эрлист, Нафис,Старкримсон, Голден Делишес, Гренни Смит,Фуджи, Гала навларини экиш тавсия этилади. Бу мевали дарахтларнинг бўйи 2–3 метрни ташкил этади.
Ярим панака ММ-106-пайвантагда ўстириладаиган олма навларидан –Боравинка Ташкентская, Голден Делишес, Джонарет, Кинг Девид, , Пармен Зимний Золотой, Первенец Самарканда, Ренет Симиренко, Рояль ред Делишес, Старк Эрлист,Старкримсон, Сўғд гўзали каби навлари тавсия этилади. Бу навлар дарахтларини бўйи 3–4 м. гача етади.
Кўчат экиш
Кўчатларни ўтқазиш олдидан чуқурлиги ва кенглиги 60 х 60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Уларни қазишда устки 20–25 см қатламдаги тупрғи бир томонига, қолган қисмидаги тупроқни эса иккинчи томонга олиб қўйилади. Кўчат ўтқазишдан олдин чуқурга 350–400 г фосфорли, 30–40 г, калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади.
Кўчатни экишдан олдин алоҳида тайёрланган шатмоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда қаймоқсимон қилиб тайёрланади) ботириб олиб экилади. Кўчат чуқурчага қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига ташланади. Илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурчага сув қуйилса, тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади.
Кўчатларни парваришлаш ва шакл бериш
Юртимизнинг иқлим шароити паст бўйли пайвандтагга уланган мевали боғларни барпо қилиш учун жуда қулай. Интенсив боғларнинг ҳосилдорлигини оширишда тупроқни доим озиқлантириб туришга ҳам аҳамият қаратиш зарур. Бунинг учун ҳар йили гектарига 30–40 тонна чиринди ҳамда соф ҳолда 240–260 кг азот, 120–150 кг фосфор ва 60–70 кг калий солиб туриш мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, янги экилган кўчатларни дастлабки даврда сув билан таъминлашга катта эътибор бериш керак. Кўчатлар тўлиқ тутиб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилмаган бўлса) улар атрофини айлана шаклида ариқ олиб суғориш лозим. Мевали дарахтлар қишда тиним даврига киргани боис, сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди. Октябрь-ноябрь ойларида кўчатларнинг қатор оралиғи чопилиб, юмшатилади. Бегона ўтлардан тозаланади. Боиси, бу даврда тупроқда намлик даражаси яхши сақланади.
Ушбу агротехник жараёнлар ўз вақтида тўлиқ ва сифатли ўтказилса, янги экилган пакана ва ярим пакана дарахтлар иккинчи-учинчи йилдан бошлаб ҳосилга кира бошлайди. Жумладан, иккинчи йилда гектаридан 2–5 т, учинчи йилда 5–10 т ҳосил олиш мумкин. 4–5-йилга бориб бу кўрсаткич гектарида 40–50 тоннага етади.
Вегетация даврида кўчатларнинг атрофи қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун юмшатиб турилади. Тупроқ шароитига қараб 10–12 мартадан 16–20 мартагача сув берилади. Ҳар суғоришдан сўнг ер юмшатилади.
Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида сув билан таъминлашга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун томчилатиб суғориш яхши натижа беради (30–40 фоиз сув тежалади).
Юртимиз шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда кўчатларга 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади.
Четдан келтирилаётган кўчатларни веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида штамби учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 кўз қолдирилиб, ундан сўнг яна шип 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.
Ўғитлаш ёш экилган кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрель ойининг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига 100–120 г. дан азотли ўғит солинади. Иккинчи маротаба июнь ойида азотли ўғит яна шунча миқдорда солинади.
Томчилатиб суғориладиган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш мақсадга мувофиқ. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги ортади.
Биринчи йили ёш кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди.
Октябрь-ноябрь ойларида ёш ниҳоллар ораси ҳамда кўчатларнинг қатор ораси чопилиб, юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқда намлик яхши сақланади.
Кузда гектарига 90 кг фосфорли, 45 кг калийли ўғит ва 20 т гўнг солиниб чопилади.
Бир сўз билан айтганда, янги усулдаги ресурстежамкор интенсив мевали боғларни барпо этиш республикамиз боғдорчилигини ривожлантиришга, янги истиқболли навлар ҳосилдорлигининг янада ортиши эса мева ва узум маҳсулотларининг кўпайишига, пировардида аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.