Манзарали дарахтлар туркумидан
Альбиция ёки ипак акацияси (Albizzia julibrissin). Ўртача баландликдаги дарахт ўсимликдир, унинг баландлиги 10-12 метрга, диаметри 40 смга етади. Шох-шаббаси соябон шаклдабўлиб, ниҳоятда чиройли.
Шохлари кулранг, ясмиқчалари кўп, бир йиллик новдалари яшил, майда кулранг ясмиқчали, туксиз. Барглари қўш патсимон мураккаб тузилган. Гуллаш даврида дарахт жуда хушманзарали кўринишга эга бўлади. Ипак акация субтропик минтақа ўсимлигидир.
Тошкент шаҳрининг ҳиёбонларида, паркларида уни учратиш мумкин, лекин унчалик кўп тарқалмаган. Альбиция ёш вақтида қаттиқ совуқдан зарарланади. Лекин бизнинг шароитда қаттиқ совуқ кам бўлади, шунинг учун уни кенг миқёсда шаҳарларни ва қишлоқларни кўкаламзорлаштириш учун экиш тавсия қилинади. Уни якка-якка ёки гуруҳ-гуруҳ қилиб экиш мақсадга мувофиқ. Шаҳар шароитларига чидамли. Ландшафт объектларини барпо этишда фойдаланиш тавсия этилади.