БОДОМ (Amygdalus L.) — раънодошлар (аноргуллилар оиласи) га мансуб дарахт ва буталар. 40 га яқин тури маълум. Осиё, Шим. ҳамда Марказий Америкада, Европанинг жан. да, Закавказье, Ўрта Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда 5 тури мавжуд. Улардан биттаси — ширин мағизли Бодом (A. comminis L.) экилади, қолганлари ёввойи ҳолда учрайди. Ўзбекистоннинг денгиз сатҳидан 1000—1200 м гача бўлган тогли зоналарида (Фарғона водийси, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоятларида) ўстирилади.
Ботаник тавсифи. Дарахти 6 — 10 м, шохшаббаси пирамидасимон ёки тарвақайлаган. Илдиз тизими яхши ривожланган. Барглари наштарсимон. Ўсув ва мева новдалари чиқаради. Эрта баҳорда, барг чиқаришдан олдин гуллайди. Гули оқ ёки пушти, икки жинсли. Ғоят ёруғсевар ва қурғоқчиликка чидамли. Четдан чангланганда яхши ҳосил беради. Меваси (бодоми) пуст (пишганда ёрилиб кетади) билан қопланган қаттиқ қобикли данак (ёнғоқча). Июльсент. да пишади. Бодоми 0,5—4 г (мағзи 12—80%). Магзи таркибида 35—67% ёғ, 30% гача оқсил моддалар, шунингдек қанд, елимсимон моддалар (аччиқ Бодом таркибида 2,5% гача амигдалин) бор. Пўчоғи навига қараб юпқа (ғалвирак), ўртача ва қаттиқ, мағзи ширин ёки аччиқ бўлади.