Қачонлардир шакар фақат бойлар, ўзига тўқ зодагонлар истеъмол қила оладиган маҳсулот бўлган. Табиблар уни камёб дориларни тайёрлашда ишлатишган. Бир неча юз йиллар давомида одамлар шакар истеъмол қилишни орзу қилишган. Бугун эса шакар кундалик истеъмол маҳсулотларимиздан бирига айланди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, шакарқамишдан шакар олиш қадим замонлардан бери маълум. Шакарни ҳунарманд-қандолатчилар тайёрлаганлар. XVI асрда Ҳиндистонда саноат йўли билан шакарқамишдан шакар ишлаб чиқарила бошланди. XVIII аср охирида эса Россия ва Германияда қанд лавлагидан шакар олиш технологияси яратилди.
Шакарнинг ватани Ҳиндистон экани, аждодларимиз бу ўлка билан қадим замонлардан бери савдо-сотиқ алоқаларини олиб борганини инобатга олсак, юртимизда шакар истеъмоли бир неча минг йиллар олдин бошлангани эҳтимол. Мазкур мақолада Ватанимиз тарихидаги шакар билан боғлиқ айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
ШАКАР НАВРЎЗ КУНИДА ПАЙДО БЎЛГАНМИ?
Тарихчи Бахтиёр Исъҳоқовнинг қайд этишича, исломга қадар бўлган Наврўз байрамининг оддий халққа тегишли урф-одатларида ҳам шакардан кенг фойдаланилган. Ўша даврларда Наврўз куни одамлар ҳаётингиз ҳар доим ширин бўлсин, деган маънода бир-бирларига шакар, ширинликлар ҳадя қилишган.
Абу Райҳон Беруний берган муҳим тарихий маълумотларга кўра, «Наврўзнинг олтинчи кунида, яъни «Катта Наврўз» куни тонгда… гапиришидан олдин шакар татиб, ўзига зайтун суртган кишилардан ана шу йилнинг ҳаммасида турли бало даф этилади». Зардуштийлик эътиқодидаги кишилар ушбу ақидага қатъий амал қилганлар.
Ривоятлардан бирида одамларнинг бир-бирларига шакарни ҳадя этишлари ва уни байрам кунлари махсус татиб кўришлари сабабли ҳам шакар айнан Наврўз кунида пайдо бўлган, дейилади. Бу ривоят, холос. Бироқ ушбу маълумотдан аждодларининг исломгача бўлган даврларда ҳам шакар истеъмол қилганликларини билиб олиш мумкин. Бунга Берунийнинг маълумотлари гувоҳлик беради.