товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон. Уй Қ. ларининг аждоди ёввойи Қуёнлар ҳисобланади. Мадагаскар ороли, Жан. Американинг жан. вилоятлари ва Антарктидадан ташқари Ер юзининг ҳамма қисмида тарқалган. Уй Қ. лари ёввойиларига қараганда анча йирик, гавдаси уз. 70 см гача (ёввойилари 44 см гача). Қуён серпушт, тез етилади, гўшт ва мўйна, тивит олиш учун урчитилади. Йил мобайнида кўпая олади. Урғочиси 3—4 ойлигида жинсий етилади, 5—6 ойлигида қочирилади. 28—32 кунда болалайди. Йилига бир Қуён 3—6 марта, ҳар сафар 5—8 (баъзан 15 ва ундан ортиқ) бола туғади. Наслдор қ. болалари 30—45 кунлик, вазни 800—900 г бўлганда онасидан ажратилади. Тез етиладиган зотлар 65 — 70 кунлик, вазни 1,8—2 кг, кеч етиладиганлари 90—120 кунлик, вазни 2,8— 4 кг бўлганда сўйилади. Гўшт чиқими 47—60%. Кузги туллашдан кейинги қишки териси энг сифатли ҳисобланади. Жаҳонда 60 дан ортиқ зоти бор. Жун қопламига кўра мўйнали ва тивитли зотларга бўлинади. Қуён 7 — 10 йил яшайди. Хўжаликда фойдаланиш’ даври 2—3 йил. Асосан, кўкат, илдизмевалар, сабзи-карам силоси, майин хашак; дон-дун, омухта ем ва б. концентратлар, гўшт-суяк ва балиқ уни; минерал қўшимчалар — суяк уни, ош тузи ва бўр билан боқилади, хонадонларда боқилганда озиқ-овқат чиқитлари ҳам берилади.